Махсус кўрсатув: Шавкат Мирзиёев Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг очилиш маросимида HD

31.08.2022
29 август куни Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлди. Маросимга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюриб, жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳайкални очди. Давлат мадҳияси янгради. Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида саркарданинг шахсияти, тарихда тутган ўрнини алоҳида эътироф этди. – Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, шу йўлда азиз жонини қурбон қилган аждодларимизнинг буюк намояндасидир. Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида Жалолиддин Мангубердига тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди, – деди Шавкат Мирзиёев. Жалолиддин 1198 йилда туғилган ва қисқа умри давомида тарихда унутилмас из қолдирган қаҳрамон шахсдир. У мўғуллар қўшини даҳшатидан ҳамма ўзини олиб қочган пайтда, атиги 21 ёшида қўрқмасдан майдонга чиққан. 11 йил давомида мўғул босқинчиларига қарши 300 дан ортиқ жангларда иштирок этиб, уларни титратган. Ҳатто Чингизхондек буюк ҳукмдор ҳам унинг матонатини кўриб: “Бундай қаҳрамон фарзанди бор ота нақадар бахтлидир”, деб тан берган. Жасур шаҳзода тақдирнинг қалтис синовларини мардона енгиб ўтиб, 32 ёшда хоинлар қўлида ҳалок бўлган. Султон Жалолиддин жанговар фаолияти билан нафақат ўз юртини, балки дунёдаги ўнлаб мамлакатларни ҳам босқинчилар ҳужумидан ҳимоя қилган. Унинг номи, ўлмас жасорати халқ орасида, турли миллат ва элатлар ўртасида афсонага айланган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бу улуғ аждодимизнинг хотираси абадийлаштирилди. Таваллуд саналари муносиб нишонланди. Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири – Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилди. Унинг фаолиятига бағишланган илмий ва бадиий асарлар яратилди. Жумладан, туркиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда “Мендирман, Жалолиддин!” номли кўп қисмли тарихий фильм суратга олинди. Улуғ саркардага муносиб ватанпарвар ўғлонларни тарбиялаш мақсадида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номида ҳарбий академик лицей ташкил этилди. Хоразм марказида барпо этилган ёдгорлик мажмуаси шундай тарихий ишлардан биридир. Бу ташаббусни Президентимиз 2018 йилда илгари сурган эди. Ҳайкалнинг жойи, кўриниши ва мазмуни тарихчи олимлар, санъатшунослар ва қурувчилар иштирокида чуқур муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари уни қурилиш мобайнида ҳам бир неча бор келиб кўрди. Шу тариқа, бўйи 25 метрни ташкил этадиган маҳобатли ҳайкал барпо этилди. Унда Жалолиддин Мангуберди тулпор жиловини маҳкам тутиб, эл-юрт ҳимоясига отланиб тургани тасвирланган. Султоннинг қатъиятли, мағрур сиймосида келажакка катта ишонч билан интилаётган халқимизнинг ватанпарварлиги, букилмас иродаси ўз ифодасини топган. Ҳайкал олдида Жалолиддин Мангуберди битиктошининг нусхаси ўрнатилди. Эрон ҳудудидан топилган, оғирлиги 32 килограмм, баландлиги 30 сантиметр бўлган бу тошда Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангубердининг шажараси ёзилган. Унинг асли ҳозирги кунда Лондондаги машҳур Британия музейида сақланади. Бу ҳам буюк аждодимизнинг жаҳон тарихидаги беқиёс шуҳратидан далолат беради.

Похожие видео