Ўзбекистон ҳукумати қамоқхоналардаги қийноқларга яна барҳам бермоқчи HD

10.01.2018
Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2018–2020 йилларда “ҳибсга олинган ва жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноқ, руҳий ва жисмоний босим қўлланишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилаётганини маълум қилган. Бу ҳақда ИИВ расмий сайтида 6 январ куни хабар қилинди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ой Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида суд-тергов давомида қийноқ қўллаш ҳолатларини танқид қилган ва қийноқ қўллаганларни жазолашга ваъда берганди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирига кўра, қийноқларни бартараф этиш учун мамлакатдаги барча жазони ижро этиш муассасалари, тергов изоляторларини видеокузатув воситалари билан таъминлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ички ишлар органларида сўроқ стенографиясини олиб бориш, видеокузатувни амалга ошириш, тергов ҳаракатларини аудиода ва видеода қайд этиш воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этиш ҳам режаланган. Пўлат Бобожоновга кўра, бундай махсус хона ички ишлар вазирлиги тергов департаментида очилган.

Похожие видео