Uzbek Ҳолливуддан анбиёлар қиссаси: Нуҳ ҳақида фантастик эпос HD
Дунё киноэкранларида 10 кундан буён муваффақият билан намойиш қилинаётган, ҳозирданоқ ҳаражатини деярли қоплаган "Ной"(Нуҳ) ҳолливуд фильми насроний ва мусулмон жамоалари норозилигига сабаб бўлди. "Ўзбеккино" агентлиги фильмни аввалига тақиқлади, аммо оз ўтиб "ҳеч бир миллат ва дин вакилларини камситмайди" деган хулоса билан унинг намойишига рухсат берди. Дастлаб, Инжилга асосланган фантастик эпос ҳақида: Кейинги кунларда баҳсларга сабаб бўлаётган "Ной" фильми 27 март куни тақдим этилди ва апрель ойининг илк ҳафтасидаёқ ижодкорларга сарфланган 125 миллион долларнинг 111 миллион 354 минг долларини қайтарди. Ҳолливудда ишланган бу фильм Қуръонда беш буюк пайғамбардан бири сифатида улуғланган Нуҳ алайҳиссалом, Инжилда эса Ной, деб келган пайғамбар тарихини ҳикоя қилади. Одам Ато ва Момо Ҳаводан кейин бошланган ҳаётни батамом йўқ қилган буюк тўфон ва унда Нуҳга эргашган бир ҳовуч иймон келтирганлар ҳамда ҳайвонот ва набодот оламини сақлаган кема қиссаси жонлантирилади. Воқеалар занжири ва экранга олиб чиқилган образлар кўпроқ инсоният тарихининг Инжилдаги талқинига яқинроқдир. Аммо, 13 ёшидан бошлаб Нуҳ пайғамбар ҳаётига қизиқиб қолган режиссёр Даррен Аронофски Инжилдаги Ной (Нуҳ алайҳиссалом) қиссасини ўз таъбига кўра ўзгатирган.