Ўзбекистон: Ислоҳотлар кимга боғлиқ: Мирзиёев, ДХХ ва ёки?..- BBC Uzbek
Ўзбекистон президентининг ўз сўзларидан англашилишича, бугун мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг суръатига мос илғор кадрлар етишмайди. Сўз эса, минглаб кадрлар ҳақида кетмоқда. Бу нима дегани? Бу мавзу куни-кеча пойтахт Тошкентда шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бошчилиги остидаги йиғинга сабаб бўлган. Расмий хабарларга кўра, йиғин замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига қаратилган. "Бу ҳали бугунги эҳтиёж", - деб айтган президент Шавкат Мирзиёев. "Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялашимиз керак", деркан, Ўзбекистон президенти, "бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз", - дея таъкидлаган. Бу хусусдаги президент расмий веб саҳифасида чоп қилинган хабарда эътироф этилишича, ҳозирги тизимли ўзгаришлар жараёнида аксарият мутахассисларнинг бунга тайёр эмаслиги, уларнинг билими, малакаси ва кўникмаси замон талабига жавоб бермаслиги аён бўлиб қолган. Янги президенти қудратга келиши ортидан кечган икки йилча вақт оралиғида Ўзбекистон тадбиркорликни ривожлантириш ва чет эл сармояларини мамлакатга жалб этишга қаратилган бир қанча ташаббусларни илгари сурган. Ваъда қилганидан бироз кечикиб бўлса-да, эркин конвертацияни очгандек, яна бошқа қатор иқтисодий ислоҳотларга қўл ураётгандек кўринган. Худди шу манзарада янги ҳукумат хориждаги Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтишга чақирган. Бу ташаббусни Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бошлаб берган. Бугун АҚШ, Британия, Япония дохил дунёнинг етакчи давлатларида банк, консалтинг, суғурталаш, илм-фан, таълим, давлат хизмати, тиббиёт, информацион технология ва логистика йўналишида ишлаётган ўзбекистонликлар эса, етарлича топилади. Аммо янги президенти бошчилиги остида ўзбек ҳукумати турли ташаббус, қонун, қарор ва фармонлар билан Ўзбекистон имижини яхшилаш ҳаракатида эса-да, афтидан, ўзи бошлаган ислоҳотларга ҳалича хориждаги барчани ҳам ишонтира олмаган кўринади. Нега? - Эътиборингизга ҳавола этаётган видеолавҳамизда сўз худди ана шу ҳақда боради. Кўринг, улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг. Раҳмат.