Мирзиёев гапи қайда қолди? У олиб ташлаган постлар тикланди HD

28.09.2018
Президент Шавкат Мирзиёев танқидидан сўнг ўтган йил декабрь ойида олиб ташланган Сурхондарёдаги йўл-патруль постлари қайта тикланди. Ҳайдовчиларнинг Озодликка билдиришича¸ бу постларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг яна машиналарни тўхтатиб текшириши аввалги шаклда давом этмоқда. Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими постларнинг пахта терими пайтида хавфсизликни ошириш ва пахта ҳосилининг талон-тарож бўлмаслиги мақсадида вақтинча қайта тикланганини билдирди. Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшайдиган ҳайдовчи Қаҳрамон Очилдиевнинг Озодликка билдиришича¸ вилоятда ўтган йил ëпилган 15 постнинг ҳаммаси бир ҳафта олдин қайта ишга тушган. “Мен ҳозиргина Термиздан қайтдим. Яна ҳамма нарса бир йил аввалгидек. Барча постлар қайта ишлаяпти. ГАИлар мошиналари билан турибди. Деновга етиб келгунимча уч жойда тўхтатиб, ҳужжат текширишди. Машина багажини очиб кўришди. Ҳайдовчиларнинг яна кайфиятлари бузилган. Президентимиз гапининг таъсири бир йилга ҳам бормади”, дейди Очилдиев. Қумқўрғон туманида яшайдиган Фахриддин исмли ҳайдовчи ҳам вилоятдаги аввал олиб ташланган постларнинг барчаси қайта тикланганига гувоҳ бўлганини айтади.

Похожие видео