Абдулла Қодирий. Рус истибдодини қоралагани учун отилган адиб HD
Россия империяси ҳудудлари Аляска ярим оролидан тортиб то Финляндия ва Польшагача, Қора денгиз қирғоқларидан то Тинч океани соҳилларигача, қирғоқларини Шимолий муз океани ювиб турадиган Таймирь ярим оролидан то Қозоғистон чўлларигача ястаниб ётарди. Аммо шу қадар катта ҳудудлар ҳам Чор Россиясига камлик қилаётганди. Россия империясининг Ўрта Осиёни босиб олиш режаси анча олдин, Пётр I замонасидаёқ туғилганди. Аввалига Бекович-Черкасский экспедицияси ва кейинчалик Оренбург губернатори Перовскийнинг босқинчилик урушлари натижасида Туркистоннинг босиб олингани ҳақида Ўзбекистонда бугун кам эсланади. Россия босқини арафасидаги давр ҳақида илк бор Абдулла Қодирий ўз романларида ёзишга журъат этган ва бунинг учун Сталин жаллодлари томонидан миллатчиликда айбланиб, 1937 йилда қатл этилган эди. “Вақт машинаси” рукни остидаги навбатдаги ҳикоямиз буюк адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва қисмати ҳақида. “Элтуз” нашри ўзбекистонлик тарихчи Ихтиёр Эсонов мақолалари асосидаги учинчи кўрсатувни тақдим этади.