Кобулдаги қўш портлашда “Озодлик” радиоси афғон хизматининг уч журналисти қурбон бўлди HD

02.05.2018
Кобулнинг мамлакат разведка хизмати жойлашган мавзесида бир кунда икки марта амалга оширилган портлаш пойтахтни ларзага келтирди. 29 киши, жумладан, “Озодлик” радиоси афғон хизматининг 3 журналисти, яна камида 5 журналист қурбон бўлгани айтилаётган бомба ҳужумларини Ислом давлати (ИД) жангарилар гуруҳи уюштиргани айтилмоқда. 30 апрель куни амалга оширилган ҳужум вақтида 45 нафар яраланган киши касалхонага олиб кетилгани айтилмоқда. Қўш ҳужумдан жабр кўрганлар сони ортиб бориши мумкинлиги полиция хавотирини уйғотмоқда. Соғлиқ сақлаш вазирлиги расмийлари айтишича, 30 апрель куни эрталаб мотоцикл минган киши Кобулдаги Миллий хавфсизлик маҳкамаси разведка хизмати биноси яқинида бомба портлатди. Орадан 20 дақиқа ўтиб, иккинчи киши Шаҳарни ривожлантириш ва уй-жой қурилиши вазирлиги биноси олдида ўзини журналистдай кўрсатиб, танасига боғланган бомбани портлатиб юборди. У ерда биринчи портлашни ёритиш учун журналистлар йиғилгани учун улар орасида орасида қурбонлар кўп бўлди. − Тинч аҳоли, масжидда ибодат қилаётганларни, миллий ва демократик жараёнларни, журналистларни ва фикр эркинлигини нишонга олиш уруш жиноятларининг аниқ намуналаридир. Ушбу террорчилик амали ислом қадриятлари ва инсон ҳуқуқларига мутлақо зиддир, − дейилади президент Ашраф Ғани тарқатган баёнотда.

Похожие видео