АҚШ: Ўзбек қизи юзлаб доллар пулни нима қилмоқда?
Қаҳрамонимизнинг айтишича, уч-тўрт танга илинжида қора меҳнатда банд болаларнинг юзларига қувонч улашиш, имкон қадар кўзларидан ёшларини аритишга сарфламоқда. Ҳозир Бостонда таълим олаётган Ойруҳш асли Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилоятидан. Аммо, йилларки, она Ватани Афғонистондаги бева-бечора болаларнинг тақдирига бефарқ эмас. Ойруҳш айни шу мақсадда "Ийдона" хайрия ташаббусига асос солган, унга дўстларини ҳам жалб қилган. Улар пул йиғишади, кийим-бош тўплашади. Сўнгра топтган-тутганларини рўзғор тебратишга мажбур афғон болаларига молиявий кўмак бериш, уларнинг уст-бошларини бутлаш ва таълим олишларига имкон қадар шароит яратиш учун хайрия қилишади. Бир неча ўн йиллик урушлар гирдобидаги Афғонистон дунёдаги болалар учун энг хатарли давлатлардан бири бўлади. Беқарорлик, ночорлик ва ишсизлик боис, ҳозир Афғонистонда оила боқишдек катта масъулиятни ўзларининг жимитдек елкаларига олган болаларнинг сони минглаб бўлади. Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.