Обид қори издошларидан яна 7 киши судланди, 4 таси қочиб кетди HD

30.10.2013
Ҳижратдаги ўзбек имоми Обид қори Назаровга алоқадорликда айбланган яна 7 кишининг суди 7 октябр куни якунланди. Суд ҳукмига кўра, Ўрикзор бозорида савдо қилиб келган савдогарлар 9 йилдан 13 йилгача қамоққа ҳукм қилинди. Яна тўрт киши Ўзбекистондан қочгани учун қидирувга берилгани айтилаяпти. Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг 7 октябр кунги ҳукмига кўра, Ўрикзор бозорида савдогарлик қилган ота-бола Тўхтахўжаевлар, уч ака-ука Фаттоҳовлар ва уларнинг икки жияни Обид қори Назаровга алоқадорликда айбдор деб топилган. Ҳозирда Тоштурмада сақланаётган маҳкумлардан бирининг яқини Озодликка берган маълумотларга кўра, пойтахтнинг Учтепа тумани Алгоритм мавзесида яшовчи 48 яшар Фатҳулло Тошҳўжаев 13 йил, унинг ўғли 23 яшар Нурилло Насруллаев 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Уч ака-ука Суннатилла, Абдуҳамид, Абдуғани Фаттоҳовлар эса 9 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Фаттоҳовларнинг икки жияни эса 3 йилга шартли равишда кесилган. Суҳбатдошимизнинг айтишича, судланувчиларнинг барчаси Тошкентнинг Ўрикзор бозорида қурилиш моллари билан савдо қилиб келган. Улар жорий йилнинг 17 февралидан 20 февралигача кетма-кет ҳибсга олинган. Уларга дастлаб 15 суткалик қамоқ жазоси берилган. Кейинчалик барчасига нисбатан Жиноят кодексининг Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш (244/1-модда), Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш (244/2-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш (159-модда) моддалари бўйича жиноий иш очилган.

Похожие видео

Показать еще