Ўзбекча қўшиқнинг “ўғирлангани” қирғиз ижодкорлари норозилигига сабаб бўлмоқда
Дастлаб муҳлислар Нурлан Насип ва Самара Каримова “Бирга бўлайлик” қўшиғини “Янги қўшиқ”, деб тақдим этиб, халқни алдаганидан норозилик билдирдилар. Бу қўшиқнинг ўзбекча ва қозоқча вариантлари интернет тармоқларида кенг тарқалган эди. Бу қўшиқ биринчи марта “Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган “Масхарабоз” фильмида Козим Қаюмов томонидан куйланган. Ўзбек санъат мухлислари орасида бу қўшиқ “Атиргуллар очди чирой", кейинроқ эса “Азизим” деган ном билан танилган. Қирғизистонлик мусиқачи Сапар Расулов бу қўшиқ ҳақида фикр билдирар экан мана буларни айтди: -Бу қўшиқни “Янги қўшиқ”, деб жар солишди. Бироқ мухлислар орасида норозилик пайдо бўлганидан сўнг ижрочилар “Бу қўшиқни қозоқчадан таржима қилдик” дейишди. Аслида бу қўшиқ 90-йилларда Ўзбекистонда суратга олинган “Масхарабоз” фильмидаги саундтреклардан бири. Уни Шўролар даврида машҳур бўлган санъаткор Козим Қаюмов ижро этган, -деди Сапар Расулов. Унга кўра, “Атиргуллар очди чирой” қўшиғини 2015 йилда ўзбекистонлик санъаткорлар Жасурбек Жабборов ва Дилноза Акбаровалар дуэт бўлиб ижро этган ва бу қўшиққа “Азизим” номи билан клип суртга олинган. 2016 йилда бу қўшиқни қозоғистонлик санъаткорлар Қуандиқ Рахим ва Албина Шардарова қозоқ тилида ижро этган.