Сиёсат, ҳокимият ва Масъуда опа: У замонлар яхши, беташвиш эди... HD
Сиёсат, ҳокимият ва Масъуда опа: У замонлар яхши, беташвиш эди...- ҳозиргидек озодлик бўлмаса-да, ҳеч бир ташвишимиз йўқ... Истасак, ашула айтар, хоҳласак, байрамга борар, мактабга чиқар, тинч-тотув дамлар эди... Ҳозир 51 ёшда бўлган Масъуда опа Афғонистон шимолилик. У киши ўзининг болалик даврларини ана шундай хотирлайди. Суҳбатдошимиз Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимолий Фарёб вилоятининг ҳозирда энг беқарор туманларидан бири бўлган Қайсорда туғилган. Оиладаги ўн бир фарзанддан бири, болалиги Нур Муҳаммад Таракий бошчилиги остида Афғонистонда коммунистлар ҳукмрон бўлган бир пайтга тўғри келган. Масъуда опа мактабни бемалол тугатиб, ҳатто пойтахт Кобулда дояликка ўқиган, аммо Қайсорга қайтиб, энди иш бошлайман, деган пайтлари мамлакатда мужоҳидлар кучайиб кела бошлаган. Мужоҳидлар у киши ишламоқчи бўлган шифохонани ёқиб юборган, вазиятдан хавотирга тушиб қолган онаси Масъуданинг Кобулдан олиб қайтган дарсликлари билан қўшиб дипломини ҳам ерга кўмган. "Ўшанда ҳатто дипломимгача чириб кетган", - дейди суҳбатдошимиз. Аммо буларнинг барчаси у кишига тўсқинлик қила олмаган, Масъуда опа вилоят маркази Майманада иш бошлаган, кейин Мозори Шарифга турмушга чиқиб, у ерда ҳам ўз фаолиятини давом этдирган. Ўша даврларни Афғонистондаги бугунги вазияга қиёсларкан, суҳбатдошимиз ҳозир аввалгига қараганда ҳам анча эркинлик бор, аммо хотиржамлик, тинчлик, осойишталик, ҳаловат йўқ, дейди. Би-би-си Ўзбек Хизмати Афғонистон мустақиллигининг 100 йиллиги муносабати билан тайёрлаган туркум видеолавҳалари доирасида у кишига ҳам микрофон тутган. Бир кўринг, Масъуда опанинг хотираларига қулоқ тутинг ва Афғонистоннинг бу яқин тарихига у киши билан бирга назар ташланг. Фикрларингиз бўлса, албатта, ўртоқлашинг. BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: @bbcuzbek