Иқтисодиёт университетига кирган ва кирмаганлар баллари ўртасидаги фарқ нега бу қадар катта? HD
Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига ўқишга кирган ва кирмаган абитурентларнинг тестда тўплаган баллари ўртасидаги фарқнинг жуда катталиги ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс уйғотди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг Facebook саҳифасида "Нархоздаги тасодиф" ва "Нархознинг сирлари очилмоқда" номли икки пост чиқаргани ва Иқтисодиёт университетига кириш имтиҳонларининг адолатли бўлганини шубҳа остига олгани бу баҳснинг янада кучайишига туртки бўлди. 1 август куни ўтказилган тест синови натижасига кўра¸ Тошкент Давлат иқтисодиёт университетига қабул қилинган абитуриент Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тест саволларини унга университет ўқитувчиси ечиб берганини эътироф этди. Айни пайтда исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган мазкур университет собиқ раҳбарларидан бири олийгоҳга кириш имтиҳонлари шаффоф ўтмаганига оид даъволар асосли эканини билдирди.