Ҳокимлик ваъдасига қарамай Асакадаги мактаб таъмир учун ёпилди HD

18.01.2017
Андижон вилоятининг Асака туманидаги 59-умумтаълим мактаби ота-оналар норозилигига қарамай¸ айни қиш чилласида таъмир учун ёпилди. Ноябрь ойида туман ҳокимлиги вакиллари норози ота-оналар билан суҳбатлашиб, мактаб қиш пайти ёпилмаслигини ваъда қилган эди. 16 январдан бошлаб Асакадаги 59-мактаб таъмир учун ёпилди, унинг ўқувчилари эса тумандаги бешта мактабга тарқатилди. Бу ҳақда Озодликка шу мактабда қизи ўқийдиган асакалик аёл маълум қилди. "Ота-оналар ҳаммаси увиллаяпти, қарғаяпти, падарингга минг ланъат, деяпти. Қиш чилласида мактабни ремонт қилишга бало борми? Озодлик ноябрь ойида қиш пайти мактаб ёпилишини танқид қилиб чиққач, замҳоким келиб, "Болаларингизни қишда қийнамаймиз" деб ваъда бериб кетганди. Лекин бизни алдашди. Шанба куни бирданига кўчиш ҳақидаги гап чиқди. Шанба обеддан кейин мактабни кўчириш бошланди. Душанбадан болаларимизни бошқа мактабларга жўнатиш ҳақида айтиб чиқишди", деди ўқувчи қизнинг онаси исмини очиқламаслик шарти билан. Мактабнинг қиш чилласида ёпилганидан норози ота-оналардан яна бири ўғли 7 километр узоқликдаги бошқа мактабга қатнашга мажбур қолаётганидан шикоят қилди.

Похожие видео