Тошкентликлар уруш фахрийларига ҳомийликка мажбурланмоқда HD
Тошкентнинг Сирғали туманида уруш фахрийлари учун мактаб ўқувчилари, боғча тарбияланувчиларининг ота-оналаридан пул ундирилмоқда. Озодлик манбаларига кўра, хусусий ширкат ва корхоналар ҳам уруш фахрийларига ҳомийлик қилишга мажбурланмоқда. - Сирғали туманида уруш қатнашчиларига, деб пул йиғиляпти. Мактаб, боғчалардан ҳам йиғиляпти. Бу нима деган гап, - дейди тошкентликлардан бири. Сирғали туманида яшовчи Адҳам акага кўра, пойтахтнинг айрим маҳаллаларида фаоллар кўчама-кўча юриб, уруш қатнашчиларига хайр- эҳсон, деб ҳар бир оиладан 3 минг сўмдан 5 минг сўмгача пул талаб қилмоқда: - Одамларнинг пулини олиб, ҳамма ёқдан йиғиб, ўндан бирини фахрийларга берса, ўндан тўққизини чўнтагига уришаётган бўлишса керак булар. Ўзи маҳалламизда ўнта фахрий қолган бўлса қолгандир. Ҳокимият шуларга ёрдам беришга шунча қийналиб қолдими, - дейди Адҳам ака.