Тошкентдаги Вестминстерни ўнлаб талаба тарк этиши мумкин HD
Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетида шартнома нархи қарийб икки баравар ортгани ортидан ўнлаб талаба ўқиш пулини тўлай олмай билим юртидан ҳайдалиш хавфи остида қолди. Ўтган ой Университет ўқиш пулини 15 миллион сўмдан бирданига қарийб 30 миллион сўмга кўтарганди. ТХВУда бухгалтерия масалаларига масъул мулозимнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда хорижий валюталар расмий курсининг икки баробар ортгани учун университет ўқиш пулини оширишга қарор қилган. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетининг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган талабаларидан бири ўқиш пулининг кутилмаганда икки баравар кўтарилиши ўзи ва кўплаб курсдошларини анча мушкул аҳволда қолдирганини айтди: - Ўтган йил ўқишга қабул қилинганимда ўқиш пули 15 миллион сўм эди. Ҳозир эса 30 миллионга чиқиб кетди. Бундан ҳамма норози. Ректорга ҳам порталга ҳам шикоят қилдик, ҳеч ким буни ҳал қилиб бера олмаяпти, - дейди ТХВУ талабаси. Университетнинг бошқа бир талабаси эса ўқиш пули ошгани сабаб контракт пулини тўлай олмай, ўқишдан ҳайдалиш хавфи остида қолганини айтади. - Мен бу ўқишга ўзимни билимим билан кирганман. Ота-онамни контрак пулини тўлашга қурби етмайди. Олдин бир амаллаб, қарз қилиб тўлаб келаётгандик. Ҳозир икки баравар кўтарилиб, ўқиш йилига сал кам 5 минг доллларга тўғри келяпти. Бу пулни мен қаердан оламан, - дейди ТХВУ талабаси.