Россия-Қозоғистон чегарасида йиғилган муҳожирлар магистрал йўлни тўсишга уринди HD

02.07.2020
Россия-Қозоғистон чегарасида йиғилиб қолган мингдан ортиқ ўзбекистонлик муҳожирлар 1 июль куни Қозоғистонга элтувчи магистрал йўлни тўсишга уринди. Оренбург областининг чегараолди ҳудудидаги Бузулук тумани ҳудудида йиғилиб ўзбекистонлик муҳожирлардан олинган маълумотга кўра, тезда етиб борган Оренбург полицияси уларни кўчадан четлатган. Озодликка тақдим қилинган видеоларда магистрал йўлдан четга чиқишни истамаганларга полиция куч қўллай бошлагани айтилаётган ҳайқириқлар ва бунинг ортидан бақир-чақир бошланиб кетгани акс этади. Оренбург полицияси 1 июль куни Бузулукда полиция муҳожирларга куч қўллагани ёки тўқнашув бўлганига оид маълумотларни қатъий инкор қилди. Полициядан олинган маълумотга кўра, департамент ходимлари коронавирус пандемияси боис, Қозоғистон билан чегара ёпиқлигини муҳожирларга тушунтириш ишларини олиб борган, уларни тинчлантирган. Полициядан олинган маълумотга кўра, ҳозирда Бузулук тумани ҳудудида ўзбекистонлик ва марказий осиёнинг бошқа давлатларидан борган 200дан ортиқ муҳожир Қозоғистон билан чегаранинг очиб берилишини талаб қилиб йиғилиб қолган. Полициянинг чегара ёпиқлиги ва ортга қайтиш чақириқларига муҳожирлар қулоқ осмаётир. Озодликка мунтазам видеомурожаат йўллаётган муҳожирлар эса, пандемия боис, ишини йўқотгани ва ортга йўли йўқлиги, Россияда ҳудудида қолиб, кун кечиришга маблағлари ҳам қолмаганини айтмоқдалар. Чегарадаги муҳожирлардан олинган маълумотга кўра, Оренбург области бўйлаб, бир неча нуқтада йиғилган муҳожирлар сони минг нафардан ошади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳудудида юрган ўзбекистонликлардан Россия-Қозоғистон чегарасида тўпланмаслик, балки ҳозирда бўлиб турган жойларида қолиш ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишга чақирган. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Махсус комиссияси қарори билан Россиянинг бир неча шаҳрига чартер рейслар уюштиришда давом этилишини билдирган.

Похожие видео