Дунё ва Туркманистон: Президент Бердимуҳаммедов нега кулгига қолди?- BBC Uzbek

24.06.2019
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳарбий машғулотлар чоғида велосипеддан туриб тўппончадан ўқ узиш орқали ўзининг расмий имижига яна бир сифатни қўшиб қўйди. Бироқ Туркманистон ҳукуматига тегишли Altyn Asyr телеканали раҳбарнинг «мерганлик маҳорати»ни завқ билан олқишлаган бир пайтда, жаноб Бердимуҳаммедов ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва мухолиф матбуот мазахига учраган. Туркманистон президенти ҳаводан мудофаа ва қуруқликдаги қуролли кучлар салоҳиятини текшириш учун номи тилга олинмаган ҳудудга ноодатий тилларанг тусли машинада етиб келиб, эртакнамо тарзда очилган эшикдан қаҳрамонларга хос тушиб келган. Давлат телевидениеси намойиш этган кадрларда ҳарбий хизматчилар ўқув-машғулотларини томоша қилгандан сўнг жаноб Бердимуҳаммедовнинг ўзи қўлига қурол олиб, ишга киришгани кўринади. У атрофи очиқ машинадан туриб, нишонларни ўққа тутган ва «йиллар давомида ўзлаштирган мерганлик маҳоратини яна бир бор намоён этган.» Айниқса, «қатор турган нишонларга қарата ҳаракатланаётган велосипеддан туриб ўқ узгани ва аниқ мўлжалга ургани» Туркманистон телевидениеси томонидан алоҳида тилга олинган. Давлат телевидениесига кўра, президент Бердимуҳаммедов «ўзининг жисмоний тайёргарлиги ва сифатларини яна бир бор исботлаб, ҳарбий хизматчиларга ёрқин намуна бўлган.» Гўё ҳарбийларни ҳайратда қолдиришга бу етарли бўлмагандек, Гурбангули Бердимуҳаммедов вертолётга ўтириб, уни ўзи бошқарганча, осмонга кўтарилган. Мухолифатдаги Хроники Туркменистана сайти президентнинг ҳарбийлар билан учрашуви тасвирланган видеони ҳажвий мусиқа ва овозлар билан бойитиб, ўзининг YouTube каналида эълон қилган. Атиги бир неча кун ичида ушбу видеони ярим миллиондан зиёдроқ одам томоша қилган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари суперқаҳрамон фильмлардаги образларга хос жиддий юз билан кўринишга уринган авторитар давлат раҳбарини тез-тез тилга олинувчи "Туркменатор" лақаби билан атаб, мазах қилган. "НАТО даҳшатга тушди, Россия ва Трамп ўзларининг ҳаво ва фазо қуролли кучларини зудликда велосипед бўлинмалари билан алмаштиришга кўрсатма берди, Толибон эса насронийликни қабул қилишга тайёр турибди, Хитой ўз армияси учун зирҳланган велосипедлар ишлаб чиқара бошлади," дея ёзади шундай фойдаланувчилардан бири. Шунингдек, айримлар расмий тасвирларда кўрсатилган тўппончадан, аслида, ўқ узилмаётгани, президент шунчаки тўппончани тепага силкитаётганини ҳам таъкидлаганлар.

Похожие видео