Андижон Аграр университети талабалари ётоқхона етишмаслиги сабаб кўчада қолди HD

10.09.2019
Тошкент давлат Аграр университетининг Андижон филиалининг вилоятлардан келган юзлаб талабаси ётоқхона берилмагани боис кўчада қолди. Университетнинг талабаларни ётоқхоналар билан таъминлаш бўйича масъулига кўра, бу йил бошқа вилоятлардан ўқишга талаба кўп қабул қилингани боис ётоқхонада жой етишмовчилиги юзага келган. Айни пайтда масъул ётоқхонада қўшимча таъмирлаш ишлари кетаётгани ва талабаларни ётоқхона билан таъминлаш ҳаракатлари бўлаётганини таъкидлади. Тошкент давлат Аграр университетининг Андижон филиали талабаларининг Озодликка йўллаган мурожаатига кўра, ўқув масканида вилоятдан келган ва ётоқхонага муҳтож бўлган талабаларга билим юрти раҳбарияти "ётоқхона таъмирланяпти, икки ҳафта бошқа жойда амаллаб туринглар" деб айтган. Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган талаба ётоқхона берилмагани боис кўчада қолганини айтди: - Борадиган жойим ҳам, бирор танишим ёки қариндошим ҳам йўқ. Ётоқхона беришларига умид қилиб келган эдим. Кўчада қолдим. Кейин бирга ўқийдиган курсдошим вақтинча уйига олиб кетди, - дейди талаба. Озодлик суҳбатлашган бошқа талаба ётоқхона берилмагани сабаб меҳмонхонада туришга мажбур бўлаётганини айтди: - Ижарага турай десам вақтинча олишмас экан. Меҳмонхонага жойлашдим, ётоқхона беришса кейин кўчаман. Контракт асосида ўқийман,оиламиз ўртаҳол, лекин нима қилайлик, - дейди талаба. Талабалар ётоқхонасиз қолганидан уларнинг ота-оналари хавотир олишмоқда. - Ҳозирги ҳар-хил ғоялар хавф солиб турган пайтда талабаларни ётоқхонасиз сарсон бўлиб юриши, айниқса қизлар учун хавфли эмасми? Ётоқхонада назорат бор. Уларнинг ўз ҳолича қўйиб қўйилиши ақлга сиғмайди. Юрак ҳовучлаб ўтирибмиз. Ахир биз улар бориши билан ётоқхона беришади, деган умид билан ўқишга жўнатганмиз, - дейди бу йил Андижон шаҳридаги Аграр университетига қабул қилинган талабанинг отаси аноним қолиш шарти билан.

Похожие видео