Урганчда пахта теришга мажбурланган 16 яшар бола ётоқда ўлиб қолди HD
Хоразм вилояти Урганч туманининг Ғалаба қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида пахта тераётган 16 яшар Эркабой Йўлдошев ётоқда кутилмаганда вафот этди. Ўқитувчилари Урганч Саноат касб-ҳунар коллежи 1-курсида ўқиган болакай ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини айтмоқда. Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги Ғалаба қишлоғига пахта теримига чиқарилган 16 яшар Йўлдошев Эркабой Шуҳратович ётоқда кутилмаганда ўлиб қолди. Озодликнинг шу тумандаги манбаси берган маълумотга кўра, Урганч Саноат касб-ҳунар коллежининг 1-курси ўқувчиси 21 октябрь куни пахта териб қайтгач, оқшом соат 10ларда жон берган. Ушбу коллежнинг Ҳайват маҳалласига жойлаштирилган 40 ўқувчиси ҳаётига масъул ўқитувчилардан бири Озодлик мухбирига болакай юрак хуружидан вафот этганини айтди. "Куни билан бошқа болалар 6 килодан пахта терса, бу 20 кило пахта терган. Ётоққа келган. Отбой берилган. Ҳаммаси дам олиш уйқуга ëтадику. Ухлаб ëтган ерида хир-хир қилиб бошлаган у дам етишмасдан. Касаллик бўладику, тутқаноқ касали бўладику. Точно шундай бўлиб бошлаган. Сразу домласи, милицияси "ҳаво етишмай турибди" деб коридорга чиқаришган талабалар. Тез ëрдамда келгунча жони узилган. Шу юраги тўхтаб қолди, дедику дўхтирлар", деди Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган ва исмини ошкор қилмаётганимиз ўқитувчи. Ўқитувчининг айтишича, болакайнинг ўлими 21 октябрь куни оқшом соат 10ларда қайд этилгач, милиция ҳамда шифокорлар жасадни олиб кетган. Урганч тумани Ички ишлар бўлимининг ҳодисани тасдиқлаган навбатчиси ўлим сабаблари қоронғу экани, ҳозир ҳодиса юзасидан тергов бораётганини айтди. Озодлик Эркабойнинг Урганч тумани Наврўз шаҳарчасида истиқомат қилаётган оиласи билан боғланишга муваффақ бўлди.