Сайловдан сўнг Андижонда яна чироқ ўча бошлади HD
Электр таъминотидаги мунтазам узилишлардан хуноби ошиб, 29 ноябрда йўл тўсган андижонликлар яна чироқ ўча бошлаганидан шикоят қилмоқда. Таъминотда узилишлар бошланганини Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси тасдиқлаганини маҳаллий нашрлар хабар қилди. 22 декабрда ўтган сайлов арафасида газ ва электр таъминотида узилишлар бўлаётганига оид Озодликка келаётган хабарлар оқими тўхтаб қолган эди. Маҳаллий блогер ижтимоий тармоқдан фойдаланувчилар орасида ўтказган сўров натижаларига қараганда, сайловдан сўнг чироқ яна ўча бошлаганини ҳар икки кишидан бири эътироф этган. - Сайловгача уч-тўрт куни чироқ ўчмади. Сайлов куни ҳам чироқ ёниб турди, фақат газ ўчиб қолди, кейин бир -икки соатларда яна қайта газ бериш бошланди. Сайловдан кейин ҳам чироқ ўчмасдан турсайди, деб орзу қилаётган эдик. Кўз тегди шекилли, сайлов ўтиши билан яна электрда узилишлар бўлаяпти,- деди Озодликка 24 декабрда сўзлаган андижонликлардан бири. Андижонда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтган сайловдан сўнг яна чироқ ўча бошлаганини Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳам расман тасдиқлагани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди. Корхонанинг билдиришича, электр таъминотидаги узилишлар 24 декабрда бошланиб, 29 декабргача давом этади. Узилишларнинг асосий сабаби сифатида Андижон тумани ҳудудида жойлашган 220/110/10 кВ кучланишли «Юлдуз» подстанциясида 125 000 кВ қувватли 2-куч трансформаторини 200 000 кВ қувватли куч трансформаторига алмаштириш ишлари олиб борилиши билан изоҳлашган.
Похожие видео
Показать еще