Қаршида норози аҳоли йўлни тўсди, бир аëл тўрт суткага қамалди HD
13 январь куни эрталаб Қарши шаҳар, Буюк Турон маҳалласининг қарийб 200 нафар аҳолиси аэропорт йўналишидаги автомобиль йўлини қўпорилган дарахтлар билан тўсиб қўйди. Намойишчилар Қарши шаҳар ҳокимлигининг ўзлари яратган 12 гектар ердаги мевали ва манзарали дарахтларни яксон қилиб, ўрнида саноат зонаси барпо этиш режасига шу тариқа норозилик билдиришди. Гувоҳларга кўра, воқеа жойига етиб келган шаҳар ҳокими, ИИБ бошлиғи ва йигирмадан ортиқ орган ходимлари аҳолига босим ўтказиб, йўлни очтирган ва уч нафар аёлни ИИБга олиб кетган. Ҳатто қарияларни ҳам орган ходимлари ҳақорат қилиб, тарқалишга мажбур қилгани айтилмоқда. Воқеани сурат ва видеога олган одамларнинг телефонлари тортиб олинган. Аҳолига бундан 30 йил аввал ободонлаштириш учун берилган бу ташландиқ жойда ҳозир 100 мингтадан кўп дарахт бор. 27 ноябрь куни Буюк Турон маҳалласида яшовчи йигирма нафар аëл бензин кўтариб чиққан ва яна шу маҳаллада яшовчи 220 нафар эркак чиқиб, ҳокимият вакилларининг боғни кесишига қаршилик қилган эди.