Ўзбекистонда “сайлов бўлиб ўтди” дейиш учун 4 соат кифоя қилди HD
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Тошкент вақти билан соат 10 га қадар сайлов рўйхатига киритилган сайловчиларнинг 34 фоизи участкаларда овоз бериб бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги қонуннинг 44-моддасига мувофиқ, парламент сайловида сайловчиларнинг 33 фоизи иштирок этиши расмийларнинг “сайлов бўлиб ўтди” дея хулоса чиқариш учун етарлидир. Бугун ўзбекистонликлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият кенгашларига депутат сайлаш учун овоз бермоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг хабар қилишича, 21 декабрь куни эрталаб соат 6.00 дан мамлакатдаги 135 сайлов округидаги барча сайлов участкалари очилган. Бу гал 8991 сайлов участкасида овоз беришда иштирок этиш учун 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчи сайлов рўйхатларига киритилган. Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси қайдига кўра, сайлов участкалари очилганидан кейин ўтган тўрт соат мобайнида сайловчиларнинг учдан бири ёки 7 миллиондан кўпроқ сайловчи овоз беришга улгурган.