Паловданми, ароқданми? Тожикистонда 4 киши заҳарланиб ҳалок бўлди HD
Янги йил арафасида Тожикистон шимолидаги Хўжанд шаҳрида 4 киши заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди ва яна 4 киши касалхонага ётқизилди. Хўжанд шаҳар прокуратураси ушбу ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошланганини маълум қилди. Суғд вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Акбар Шарифовнинг 2 январь куни Озодлик радиосига айтишича, бу шахслар нимадан заҳарланганини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланган. “30 декабрда қўшнилар Янги йилни нишонлаш мақсадида палов пишириб, байрам дастурхони уюштирган. Натижада, 4 киши овқатдан заҳарланиб жон берган, саломатлиги жуда оғир бӯлган яна 4 нафар касалхонага ётқизилган,” - деди Акбар Шарифов. Аммо маҳалла аҳли фикрича, бу шахслар паловдан эмас, балки сифати паст ароқни истеъмол қилиш оқибатида ҳалок бўлган.