Афғонистон: Полиция турк лицейларига бостириб кирди - BBC Uzbek
Афғонистон: Полиция турк лицейларига бостириб кирди Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги турк лицейлари ўқитувчиларининг айтишича, полиция кучлари тунда ўғил ва қиз болалар ётоқхоналарига бостириб кирган. Лицей маъмуриятининг айтишича, полиция томонидан 50 киши қўлга олинган ва уларнинг орасида турк ўқитувчилари ҳам бор. Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига ҳаракат қилишда гумондор деб билувчи Фатҳулла Гуланнинг дунё бўйлаб ёйилиб кетган ўқув даргоҳларини ёптиришга ва ўқитувчиларни Туркияга эктрадиция қилишга ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистонда асосан Фатҳулла Гулен жамоатига тегишли бўлган турк лицейлари Ислом Каримов ҳаёт бўлган 1999 йилда ёпилиб кетган. Қўшни Қирғизистон турк лицейларини ёпишдан ва ўқитувчиларни Туркияга қайтаришдан бош тортган. Қозоғистонда турк лицейлари ёпилмаган бўлса-да, улар бу лицейларда таълим олган собиқ ўқувчиларнинг бошқарувига ўтганлигин айтилади. Турк ўқитувчилари эса мамалакатни тарк этган ёки уларнинг айримлари Қозоғистон фуқаролигини олиб Туркия ҳукумати таъқибларидан қутилиб қолишга эришган. Би-би-си Ўзбек хизматининг Афғонистон учун тайёрланган кўрсатуви учун Мозори Шарифдаги Би-би-си мухбири Ҳаёт Шайбон хабар қилади.