Хивадаги масжидларда овоз кучайтиргичларда азон айтиш яна тақиқланди HD
Хоразмнинг Хива шаҳридаги масжидларда овоз кучайтиргичлар орқали азон айтиш яна тақиқлаб қўйилди. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган бир неча хиваликка кўра, шаҳарнинг қадимий Ичон қалъаси атрофидаги масжид имомларидан шаҳар ҳокимлиги мулозимлари овоз кучайтиргичда азон айтилмаслиги ҳақида тилхат ёздириб олган. Маълум бўлишича, тақиқ жорий этилганига қарийб 20 кун бўлди. Хива ҳокимлиги мулозимлари нима учун масжидларда овоз кучайтиргичлар тақиқланганини изоҳламади. Хивадаги масжидларда ўтган йилнинг ноябрь ойидан азон овоз кучайтиргичлар орқали чақирила бошлаган эди. Бир ой ўтиб яна шаҳардаги масжидларда овоз кучайтиргичлар тақиқланган Хивалик 70 ёшли нафақахўр Отаназар отанинг Озодликка айтишича, 24 декабрдан Хива минораларига ўрнатилган овоз кучайтиргичлардан азон эшитилмай қолган. - Хивада 24 декабрдан буён овоз кучайтиргич билан азон айтиш тўхтатилди, деб масжидларга ёзиб қўйибди. Шунгача усилителда азон айтилар эди. Бош вазир муовини Очил Раматов Хивага келиб "тўхтатинглар", деб кетибди. Карнай минорани тепасида турган, "нимага минорага овоз кучайтиргич қўйибсан", деб тақиқлабди. "Азонни ичкарида айтинглар", деб кетибди. Бу ерда менга ўхшаган қариялар бор, намозга боришади. Масжиддан 3 километр олисда яшаймиз. Азонни эшитмаяпмиз, - дейди Отаназар ота.