Тугалланмаган бино учун кадастр ҳужжатлари қилиб бериладими? Тартиби қандай? HD
Бугун АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда "Давергеокадастр" қўмитаси матбуот котиби Неъмат Атамуратов аҳолидан келиб тушган саволларга жавоб қайтарилди. 〰️〰️〰️〰️〰️ Тугалланмаган бино учун кадастр ҳужжатлари қилиб бериладими? Тартиби қандай? Қурилиши тугалланмаган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар тегишли лойиҳа ташкилоти томонидан уларнинг қурилиши бошланганлиги тасдиқланган тақдирда давлат рўйхатидан ўтказилиши мумкин. Бунинг учун сиз давлат хизматлари маркази ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ариза беришингиз мумкин. 〰️〰️〰️〰️〰️ Якка тартибда уй-жой қуриш учун аукцион савдоларисиз ер олсам бўладими? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 28 январдаги 63-сонли қарорига мувофиқ якка тартибда уй-жой ажратиб бериш аукцион савдолари ва аукцион савдоларисиз қуйидаги ҳолатларда бериш белгиланган: ➖ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига; ➖давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман (шаҳар) ҳокимликларига ўтказаётган фуқароларга ва мулкдорларга аукционсиз яъни тўғридан тўғри 0,04 гектаргача бўлган ер участкалари туман ҳокимининг қарори асосида берилади. Ер участкасини бериш бўйича имтиёзлар бир оилага бир марта (мулкдорнинг номига) берилади ва оиланинг бошқа аъзоларига татбиқ этилмайди. 〰️〰️〰️〰️〰️ Давлат захирасида турган ерлар ҳақидаги маълумотларни олиш учун қаерга мурожаат қилиш керак? Ёки буни онлайн кўриш имконияти борми? Ҳозирги кунда давлат захирасида турган ер майдонлари ҳақида маълумот олиш учун туман(шаҳар) ҳокимликларига ариза билан мурожаат қилинади ва натижаси олинади. Захира ерлари тўғрисидаги маълумотларни онлайн кўриш имкониятини берувчи ер ахборот тизими геопортал Давергеодезкадастр қўмитаси томонидан яратилмоқда. 〰️〰️〰️〰️〰️ Тоғам ота-онасидан қолган ҳозирда ўзи яшаб келаётган ҳужжатсиз уйни бир қисмини менга бермоқчи. Мен ўша ердан уй қурсам менга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириладими? Турар жойнинг ер участкасида қўшимча қурилиш учун рухсатни фақат ўша уйнинг мулкдорига берилади. Турар жойни олди-сотди қилиш учун аввал мулкдорнинг ўзи ушбу турар жойга кадастр паспортини расмийлаштириб унга бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиши керак. Сўнг ушбу турар жойни ёки унинг бир қисмини бегоналаштириши мумкин. 〰️〰️〰️〰️〰️ Биз кўп қаватли уйда яшаймиз. Уйимизни сотиб ҳовли олмоқчимиз. Лекин уй дадамнинг номларида. Дадам эса Россиядалар. Ҳозирги уйимизни бошқа биров номига ўтказа оламизми? Ўзбекистон Республикаси Нотариал тўғрисидаги Қонуннинг 28-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари ишончномаларни тасдиқлаш ваколатига эга эканлиги кўрсатиб ўтилган. Агар отангиз Россия Федерациясида бўлсалар, у ердаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасасида ишончнома расмийлаштириб турар жой бўйича ҳаракатларни амалга оширишни уларнинг номидан бошқа одамга (турмуш ўртоғи, ўғли, қизи) олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун рухсат беришлари мумкин.