Тошкент марказидаги 130 йиллик уйлар бузиладиган бўлди HD

12.02.2019
Тошкентликлар орасида "Полкушка" деб аталадиган шаҳар марказидаги эски уйларни бузишга ҳозирлик кўрилмоқда. Қатор нашрларнинг хабар қилишича, шаҳар марказидаги "Лолазор" маҳалласида жойлашган айрим уйлар 1891 йилда қурилган ва уларда яшаётган аҳоли уйининг бузилишидан норози. Ҳолатни махсус ўрганган Gazeta.uz нашрининг ёзишича, шу йилнинг 2 февраль оқшомида Шаҳрисабз кўчасида бу ҳудуддаги уйларнинг бузилиши ҳақидаги эълон пайдо бўлган. Аҳолининг айтишича, бу ҳудудда замонавий кўп қаватли уйлар қуришини айтган "Muhandis-Konsulting" хусусий ширкати вакиллари аҳолига янги уйлардан квартира беришни ваъда қилмоқда. Аммо, нашр мухбири гаплашган тошкентликлар, 1966 йилдаги зилзилани ҳам кўтарган бу уйларни янги уйларга алмашишга қарши эканини айтмоқдалар. Айни пайтда, Gazeta.uz нашрига кўра, 3 февраль куни маҳалла аҳли билан учрашган қурувчи ширкат вакиллари уйларни бузиш учун ҳокимиятдан берилган рухсатномани тақдим эта олмаган. "Бу участкадаги уйлар 2025 йилгача барибир бузилади. Бу уйлар авария ҳолатида, маънан эскирган турар-жой фондига киритилган. Агар хусусий фирмалар қилмаса, охир-оқибатда давлатнинг ўзи бу уйларни бузади. Айни пайтда, бу ҳудуддаги 1 квадрат метр майдон учун таклиф қилинган нарх 250 долларни ташкил қилади", дея иқтибос келтиради нашр, қурувчи ширкатга яқин экани айтилган манбадан.

Похожие видео