Уруш фахрийлари Мирзиёев ваъда қилган бепул Ҳаж имтиёзидан бенасиб қолмоқда

14.07.2017
Андижоннинг Шаҳрихон туманида яшовчи уруш фахрийлари Ўзбекистон президенти ваъда қилган Ҳаж сафарига навбатсиз ва бепул бориш имтиёзидан бенасиб қолганликларини айтишмоқда. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев апрел ойида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар қандай талаб ва истакларини инобатга олиш, агарда улар ҳаж сафарига бориш истагини билдирса, давлат ҳисобидан бепул бориб келишларини ваъда берганди. 1944 йилда Ленинградни қамалдан озод этиш жангларида қатнашиб, оёғидан яраланган 94 ёшли шаҳрихонлик уруш фахрийси Йўлдош Турғунов Озодлик билан суҳбатда “Нуроний” жамғармасининг Шаҳрихон тумани бўлимидагилар “аввал Ҳажга борган экансиз”, деб уни аризасини рад қилганини айтди. - Президентимизнинг бизга Ҳажга бепул ва навбатсиз бориш имконини берувчи фармонидан жуда ҳурсанд бўлувдик. Ҳозир энди, бўлмайди, дейишяпти, шунга озгина ҳафа бўлдик. Мен 2007 йилда Ҳажга борганман, ўшанда ёнимда ҳамрохим бўлмагани учун ҳамма жойига боролмаганман, чала қолганди. Энди олдин боролмаган жойларга бораман десам, “аввал борган экансиз”, деб руҳсат беришмаяпти, - дейди Йўлдош ота.

Похожие видео