Хоразмда молхонада туққан қиз чақалоғини бўғиб ўлдирди HD
Хоразм вилоятининг Шовот туманида 19 яшар қиз туққан чақалоғини молхонага ташлаб кетди. Бир неча соатдан кейин топилган чақалоқ касалхонада жон берди. Расмийларнинг айтишларича, чақалоқ баданида уни ўлдиришга қилинган ҳаракатлар излари қолган. Айни пайтда чақалоқнинг онаси топилиб, ҳибсга олинган. Шовот туманидаги пахта тозалаш заводи деворининг орқасида аҳоли томонидан қурилган молхоналардан бирида 16 июль куни тонгда янги туғилган чақалоқ топилди. Чақалоқни топиб олган Гуландом исмли аёлнинг Озодликка айтишича, у гўдак йиғисини эшитиб молхонага кирган: - Мен ҳар куни эрталаб соат бешда ҳовлига шамоллагани чиқаман. Биз этаж уйда турамизда. Завод девори тагида аҳолининг молхона ва бошқа қурилмалари бор. Ўтиб кетаётсам, молхоналардан биридан йиғига ўхшаган овоз келди. Мен итни боласимикан деб ўйладим. Кейин бир қўшнимни чақириб кириб кўрсак, янги туғилган чақалоқ зўрға йиғлаяпти экан. Ўғил бола экан, ҳатто киндиги ҳам кесилмаган. Кейин тез ёрдам чақирдик, мелисалар келди. Болани олиб кетишди,- деди Гуландом.