Олий суднинг STга жавоби: Ходимлар навбатчиликка турган вақти эвазига иш кунида дам олиши мумкин HD
Суд тизими ходимларининг байрам кунларида навбатчиликка қўйилиши аҳоли талабларини тўлароқ қондириш, келаётган шикоятларни тезроқ ўрганиш мақсадида ташкил этилган. Бу ҳақда Олий Суд матбуот хизмати судлов тизими ходимларининг SizdanTelegram рукнида эълон қилинган шикояти юзасидан Озодликка жавоб бераётиб билдирди. 26 август куни Озодликнинг SizdanTelegram саҳифасида судлов тизими ходимларининг “Суд тизими вакиллари меҳнат қонунчилигига зид равишда навбатчиликка жалб этилмоқда” сарлавҳаси остидаги шикояти чоп этилган эди. Унда Олий суд раиси Козимжон Комиловнинг 31 августдан 3 сентябрга қадар суд биноларида судья ва ходимларнинг навбатчилигини ташкил этиш ҳақидаги 5 август кунги буйруғи ва бундай навбатчиликлар ҳар байрам арафасида жорий этилаётгани айтилганди. Шикоятчи судья ёрдамчиси: Байрамларни яқинларимиз билан ўтказгимиз келади! Шикоят чоп этилганидан сўнг Озодлик уни ёзганлардан бири, Тошкент шаҳридаги судлардан бирида ишлайдиган судья ёрдамчиси тизимда навбатчиликлар қай тарзда ўтказилишини айтиб берди: - Навбатчиликка туриш 2014 йил, 5 декабрда Конституция байрами муносабати билан бошланган эди. Ҳар байрамдан 2-3 кун олдин бошланиб, байрамнинг эртаси куни тугайди. Байрам кунлари навбатчиликда кечаю кундуз турамиз. Айрим ҳолларда бир сутка идорада факс ва телефон олдида ўтирамиз михланиб! Жазоланишдан қўрқиб исми очиқланишини истамаган судья ёрдамчисининг айтишича, баъзи туманларда бир судья, бир судья ёрдамчиси, бир архивариус ишлайди. Тартибга кўра, навбатчиликда 4 соатдан туриш керак. - Демак, бир ходим 1 кеча-кундузда 2 мартадан навбатчиликда турар эканда?! 3 ходим 4 соатдан 12 соат, 24 соат ичида 2 марта навбатчилик қиладими? Бу навбатчиликдан мантиқ қани? - деди шикоятчи.