Банк ходимлари ҳар куни 13 соатдан ишлашга мажбурланмоқда HD
Тошкент шаҳридаги аксар банкларда валюта айирбошлаш шохобчалари ходимлари ҳар куни соат 9дан 22 гача ишлашга мажбурланаяпти. Озодликка мурожаат қилган банк ходимларига кўра, кейинги бир ой давомида дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбур бўлмоқдалар. Ўзбекистондаги банклардан бирининг Тошкентдаги бош идорасида банк ходими Озодликка мурожаат қилиб, банкнинг валюта айирбошлаш шохобчаларида ишлаётган ходимлар ҳар куни 13 соатдан ишлашга мажбурланаётганидан шикоят қилди: "Валюта айирбошлаш шахобчаси ходимларига ҳар куни соат 9 дан 22гача ишлаш буюрилган. Уларга соат 22 гача ишлаганига на ойлик қўшилди, на қўшимча смена ташкил қилинди. Лекин Меҳнат кодексида иш вақти 8 соатдан ошмаслиги кераклиги ёзилган. Ҳар ой шундай фармойиш келади ва банк ходимлари шанба ва якшанба кунлари ишлайди. Бунақада оилага қачон вақт ажратилади?", дея ёзди ўзини таништирмаган банк ходими.