Москвада Ҳайит намози ўқилди HD
Москвада истиқомат қилаётган мусулмонлар Қурбон байрамини нишонламоқда. Шаҳар полициясидан олинган маълумотга кўра, бу йилги байрам намозига 103 мингдан зиёд мусулмон йиғилган. Буларнинг аксарияти Қурбон байрамини нишонлаш учун Москва шаҳрига борган меҳнат муҳожирларидир. Москва шаҳридаги масжидлар бу галги Қурбон ҳайити кунида ҳам намозхонлар билан тўлиб-тошди. Намозхонлар йиғинини кучайтирилган тартибда кузатган Москва полицияси 103 мингдан зиёд мусулмон масжидларга йиғилганини маълум қилди. Москва шаҳрининг "Тинчлик" проспектидаги жоме масжид атрофидаги кўчалар полиция ва ОМОН аскарлари назорати остида транспорт воситалари учун ёпилди. Москва шаҳар ички ишлар бошқармаси расмийлари Бирюлёводаги ҳодисалардан кейин провокациялар олдини олиш мақсадида шаҳарда тинчлик ва тартибни сақлаш учун 4 мингдан зиёд полиция ҳамда Ички ишлар ҳарбийлари жалб қилинганини маълум қилди. Намоз ўқилишидан олдин диндорлар олдида Россия Муфтийлар кенгаши раиси шайх Равил Ғайнуддин маъруза қилди. - Бугун мамлакатимиз, давлатимиз келажаги айнан бизга - ислом жамоаси ва православ христианлар жамоасига боғлиқ. Биз хотиржамлик, тинчлик ва тотувлик борасида жон куйдирмоғимиз зарур. Қонундан четга чиқаётганларга эса зинҳор ва зинҳор осойишталигимиз, ҳамжиҳатлигимизни бузишга имкон яратмаслигимиз керак, деди Россия Бош муфтийси байрам маърузасида.
Похожие видео
Показать еще