Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз - BBC Uzbek HD
Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз. Якка ўзимиз эмас, ҳар йил Рамазон ойида болаларимизни ҳам масжидга, таровеҳ намозига олиб чиқамиз. Йўқ, ташвишда эмасмиз... Асли ўзбекистонлик, аммо узоқ йиллардан буён Лондонда яшаб, ишлайдиган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз бу йил айнан Рамазон ойида Британияда бўй кўрсатаётган хавфсизлик билан боғлиқ жиддий хавотирлар манзарасида худди шу каби фикрларни изҳор этди. Маълум бўлишича, яқинда Янги Зеландия ва Шри Ланкада кузатилган қонли ҳужумлар бу ердаги айрим мусулмон жамоаларини қўрқитмай қўймаган. Кетма-кет юз берган бу икки ҳужум ўнлаб мусулмон ва юзлаб насронийларнинг умрларига зомин бўлган. Ҳар икки қонли ҳодиса ҳам бу йилги Рамазон ойига яқин бир пайтда амалга оширилган. Бу эса, Британиядаги мусулмонларни айнан ўзлари учун муқаддас бўлган бир ой сабаб, террорчиларнинг ҳужумлари нишонига айланишлари мумкинлигига оид хавотирларга етакламай қўймаган. Уларнинг қўрқувларига жавобан полиция Буюк Британия бўйлаб барча масжидларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга киришган. Масжидлар эшигига қўшимча кўнгиллилар қўриқчиликка қўйилган, кузатув камераларининг сони кўпайтирилган. Ислом Буюк Британияда иккинчи йирик дин ҳисобланади. Британия Германия ва Франциядан кейин Европанинг энг катта сондаги мусулмонлар истиқомат қилувчи учинчи давлати бўлади. Расмий ҳисоб-китобларда ҳозир Британиядаги мусулмонларнинг сони уч миллионга яқин экани айтилади. Бу мусулмонларнинг энг катта фоизи Англияда яшашса, улардан катта қисми айнан Лондоннинг ҳиссасига тўғри келади. Жорий пайтда Британия пойтахтида турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликларнинг сони бир неча юз экани айтилади. Сўнгги йилларда Лондоннинг айрим мавзеъларида ўзбекистонлик ўнлаб оилалар яшовчи ўзбек маҳаллалари ҳам пайдо бўлган. Ўзи ҳам молия соҳасида фаолият юритувчи суҳбатдошимизнинг айтишича, Лондондаги ўзбекистонликлар ҳам рўза ва Рамазон ойига бефарқ эмас. Видеолавҳамизда бу гал Лондондаги Рамазон кайфиятига назар ташлаймиз. Ҳозир дунёнинг қай бир давлатида бўлманг, рўза ва Рамазонни сиз қандай ўтказаяпсиз? Маъқул деб топсангиз, ўз таассуротларингизни биз билан ўртоқлашинг. BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek