Тожикистонлик қарийб 200 аёлнинг ИШИДга қўшилгани сабаблари ўрганилди HD
Тожикистонда БМТ молиявий ёрдами билан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, юзлаб тожик аёллари эрларининг иродасига бўйсуниб, Сурия ва Ироқда ИШИД экстремистик гуруҳи сафига қўшилган. Тадқиқотда бундай аёллар сони тақрибан 200 нафар экани айтилди. Тожик аёллар орасида ўз истаги билан жиҳодий ақидалар асосида “Ислом давлати” террор ташкилотига қўшилганлар ҳам бор. Масалан, бир душанбелик жиҳод учун Сурияга бориб, 2016 йилда Тожикистонга қайтгандан сўнг, бошқа аёлларни ИШИД сафига жалб этишга уринаётган пайтда хавфсизлик органлари томонидан қўлга олинганди. Шунингдек, мазкур тадқиқотда Суғд вилоятидаги тунги клуб раққосаси Сурияга бориб, жиҳодийлар сафига қўшилиш истагида бўлгани, аммо қўлга тушиб, 12 йил қамоқ жазосига ҳукм этилгани қайд этилган. Лондон шаҳридаги Қирол коллежи тадқиқотчиси ва Тожикистонда ўтказилган тадқиқот аъзоси Анна Матвеева 28 январь куни Озодлик радиоси билан суҳбатда тожик аёлларининг экстремистик гуруҳларга қўшилиш сабабларни шарҳлаб берди. “Биринча сабаб - бу оиладаги муносабатлар. Агар эр ёки ака экстремистик гуруҳ аъзоси бӯлса, оила аъзоларини ҳам бу гуруҳга “тортади”. Аёлга экстремистик ақида маъқул ёки маъқул бўлиши муҳим эмас. У эри ёки яқин қариндоши иродасига бўйсунишга мажбурдир,”- деди Анна Матвеева.