Ёлғиз ўғли Россияга кетган она ўз жонига қасд қилди HD
Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшаб келган 50 яшар аёл сел келаётган сойга ўзини ташлаб жонига қасд қилди. Воқеа тафсилотларидан хабардор манбаларга кўра, ёлғиз ўғли Россияга ишга кетган бу аёл келини билан чиқишмай¸ қаттиқ депрессияга тушган. Поп тумани Чодак қишлоғида яшаган 50 яшар Дилбар Рустамова 12 май куни тонг саҳарда ўзини сел келаётган сойга ташлади. Бу ҳақда Озодликка хабар берган поплик манбага кўра, аёлнинг ўз жонига қасд қилишига келини билан жанжали сабаб бўлган бўлиши мумкин: “Дилбар опа тонг саҳар соат тўртларда ўзини сойга отган. Опа ўзи бева аёл бўлиб, Ислом исмли ёлғиз ўғли Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган. Одамларнинг айтишларича, келини билан жуда кўп жанжал қилган ва қўни-қўшнилар аксарият кунларда уни тушкун ҳолатда кўришган экан. Энди унинг ўз жонига қасд қилишига келини билан бўлган жанжаллар сабаб бўлганми ёки у руҳий депрессияга тушганми, буни ёлғиз Худо билади. Опанинг мурдаси сойнинг дамбасига бориб, илиниб қопти. Ўша ердан чиқариб олишди”, дейди манба. Поп туман ҳокимиятида ишлайдиган Озодлик манбаси шундай воқеа бўлганини тасдиқлади: “Ўғлига хабар берилипти, йўлга чиққан эмиш. Опанинг нима сабабдан ўзини сойга ташлагани аниқ сабаблари ҳозирча маълум эмас. Воқеани туман прокуратураси ўрганаяпти”, деди мулозим.