Андижонда милиция ходими иш жойида ўзини осди HD
Андижон вилояти Балиқчи туманининг Чинобод шаҳарчасида милиция ходими ўзини осиб, жонига қасд қилди. Балиқчи тумани ИИБ Қўриқлаш хизмати сафдори 28 ёшли Диёрбек Давлатов 10 декабрга ўтар кечаси иш жойида осилган холда топилди. Икки фарзанднинг отаси нима сабабдан ўз жонига қасд қилгани ҳозирча маълум эмас. Ҳозирда милиция сафдори Диёрбек Давлатовнинг ўлими юзасидан Андижон вилояти прокуратураси текширув олиб бормоқда. Давлатовнинг ҳамкасблари унинг жонига қасд қилишига хизмат фаолиятидаги муаммолар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтишди: "Диёрбек қўриқлаш хизматининг оддий рядовой ходими сифатида банкда соқчи бўлиб ишлар эди. Руҳий муаммоси бўлмаган. Жуда ювош бола эди. Нима сабабдан ўзини осганини ҳеч ким билмайди. Иш билан боғлиқ муаммолар кўп. Васвасага тушиб ўзини осиб қўйган, дейишяпти. Айримлар оилавий муаммолар сабаб бўлганиини айтишади. Ҳозир буни прокуратура ўрганяпти", дейди исми сир қолишини истаган Андижон милициясининг қўриқлаш хизмати ходими.