Ҳазораспда икки “ГАИ” ходими аварияда ўлди, яна иккиси зўравонликда айбланмоқда HD
Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг икки инспектори 14 сентябрь куни тунда содир бўлган аварияда ҳалок бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, улар бошқараётган хизмат автомобили йўлдан чиқиб кетиб зовурга ағдарилган ва инспекторлар машинадан чиқолмай сувда димиқиб ўлган. Бошқа бир ҳодисада, Хоразмнинг Ҳазораспида икки фуқарони калтаклаган ЙПХ ходимлари устидан жиноят иши очилди. Хоразм вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг 14 сентябрь куни ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарни Ҳазорасп туманида истиқомат қилувчи Озодлик манбаси етказди: “Авария содир бўлган Пичоқчи қишлоғининг четида сув заҳкаш (зовур) бор. Унинг ёнидан Ҳазорасп-Урганч автомобил йўли ўтади. 14 сентябрь куни эрталаб ана шу захкашда йўл ҳаракати хавфсизлигига қарашли “Матиз” автомобилининг ағдарилиб ётганини пичоқчилик Матёқубов деган одам кўриб қолиб, милисага хабар берган. Машинанинг ичида икки нафар инспектор бор экан, иккиси ҳам ўлиб ётган экан. Айтишларича, улар ғирт маст бўлган экан”, деди манба.