Махфий қарор: ИИВ ва ДХХ мутаассибликка мойилларнинг махсус рўйхатларини тузмоқда HD
Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437м сони билан расмийлаштирилган махфий қарори асосида бутун мамлакат бўйлаб янги махсус рўйхатлар тузилмоқда. Бундай рўйхатларни тузиш тўғрисида Озодлик ихтиëридаги махфий ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси”да аниқ топшириқлар берилган. Озодликка турли шаҳар ва туманлардан келаëтган хабарлар бу топшириқ бажарилаётганини билвосита тасдиқламоқда. 5 сентябрдан бошланган бу жараëн натижасида тузилган рўйхатлар 15 декабрга қадар тегишли идораларга тақдим қилинади. Президент Мирзиëев 2017 йилнинг 1 сентябрида “диний-экстремист оқим аъзолари рўйхати”да бўлган 17 минг одамдан 16 мингининг “қора рўйхат”дан чиқарилганини билдирган эди. Айни чиқишида Мирзиëев¸ рўйхатдан чиққанлар ҳар бирининг орқасига ўнтадан одам қўйилиши¸ “адашганларнинг яна бало кўчасига кирмаслиги” учун улар билан икки-уч йил қаттиқ ишланишини таъкидлаб айтган эди. Махфий қарорда янгидан рўйхатлар тузишни тақозо қилган омиллардан бири сифатида “ афв этилган ëки жазо муддати тугаши билан озод қилинган айрим шахслар томонидан ноқонуний фаолиятни давом эттириш ва ўзларининг экстремистик йўлдаги ҳамфикрлари билан алоқа ўрнатиш каби ҳолатлар кузатилаëтгани” айтилган. Махсус рўйхатлар рўйхати Президентнинг мамлакатдаги диний вазиятни соғломлаштиришга оид Озодлик ихтиëридаги махфий қарори ижроси бўйича қилинадиган чора-тадбирлар жадвалида давлат ва жамоат идораларига ўндан ошиқ махсус рўйхат шакллантириш буюрилган. Бу рўйхатларнинг асосий қисми диний мутаассиблик тарғиботи ëки унга мойиллиги бор шахс ва гуруҳларга оид.