Врачлардан буғдой учун 100 минг сўмдан йиғиб бериш талаб қилинмоқда HD

12.07.2017
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи туман буғдой режасини бажаришда ёрдам бериш учун шифокорлардан 100 минг сўмдан пул йиғиш ҳақида топшириқ берди. Йиғилишда қатнашган врачларнинг айтишларича, бирлашма бошлиғи бу пулга буғдой сотиб олиб, давлатга топширишини айтган. Озодлик билан суҳбатда тиббиёт бирлашмаси мулозимлари бу иддаони инкор қилишга уринди. Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасининг 10 июль куни бўлиб ўтган катта ҳамширалар ва 11 июль куни бўлган бўлим мудирлари иштирок этган йиғилишида бош шифокор Шуҳрат Аминжонов буғдой режасининг бажарилишига ëрдам тариқасида 100 минг сўмдан пул йиғиш ҳақида гапирган. Исми сир қолишни сўраган йиғилиш иштирокчиларидан бирининг айтишича, бош шифокор бу "ташаббуси"ни “ҳокимликнинг буғдой режасини бажаришга ҳисса қўшиш” сифатида тақдим этган. “Йиғилиш тиббиёт бирлашмаси маъмурияти жойлашган 1-туғруқхонада бўлиб ўтди. Бош врач “туманнинг буғдой режаси бажарилмаяпти, биз ҳам қараб турмаслигимиз керак, туманга ёрдам беришимиз керак”, деди. У ҳар бир врач ва катта ҳамшира 100 минг сўмдан пул бериши шартлиги ва бу пулга буғдой сотиб олишини айтди. Ҳамшира, қоровул, тиббиётда ишлайдиган ҳар бир ходим ўз ҳиссасини қўшсин¸ деди. Ҳеч ким чурқ, этмади”, деди ҳоким баëнотини бевосита эшитган ҳамшира аëл.

Похожие видео

Показать еще