Сурхондарёлик деҳқонлар ерёнғоғини тортиб олиш яна бошланди HD
21-22 октябрда Сариосиё туманида бир неча деҳқоннинг ерёнғоқ ҳосили Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан тортиб олинди. Денов туманида эса, ҳосилини йиғиштириб олган деҳқонлардан пул талаб қилинмоқда. Озодлик ва маҳаллий блогернинг мақолалари ортидан ўтган ҳафта охирида деҳқонлар ҳосилини тортиб олиш тўхтаган эди. Бир машина ерёнғоқни олиб кетишди 21 октябрь куни тушдан кейин Сариосиё туман, Ҳуфар қишлоғидаги фермер хўжаликларидан биридан ижарага ер олиб, ерёнғоқ эккан деҳқон кўтарган ҳосилнинг бир қисми - бир машинаси Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан мажбуран олиб кетилди. Бу ҳақда деҳқоннинг воқеага гувоҳ бўлган қариндошларидан бири Озодликка хабар қилди: “Мажбурий ижро бюроси ходимлари бир неча машинада келишди. Ерёнғоқни ўзлари юк машинасига ортишди. Жами ҳосилнинг бешдан бирини олиб кетишди. Қариндошимиз 70 сотих ерни фермердан 700 минг сўмга сотиб олганди. Бу 3-4 ойга, такрорий экин учун. Кейин яна қанча ҳаражат қилди. 85 кило уруғ сотиб олган, 900 минг сўмча кетган. Кейин ерни ҳайдатиш, культивация қилиш учун ҳам пул кетган. Жами 3 миллион сўмдан зиёд пул кетган. Энди қолган ҳосилини ҳам олиб кетишидан қўрқиб ўтирибди”, деди деҳқоннинг қариндоши.