Эгизакларни ўлдирган термитлардан қутулишга умид пайдо бўлди HD
Ўзбекистонлик олимлар яратган янги восита термитларни 100% ўлдириши мумкин. Бу ҳақдаги хабар Интеллектуал мулк агентлиги расмий сайтида эълон қилинди. Восита муаллифларидан бири Озодлик радиоси саволларига жавоб берар экан, ҳозирча бу соҳада мутлақ муваффақиятга эришилгани тўғрисида гапиришга бироз эрта эканлигини, бироқ одамлар ҳаёти ва турар-жойлар ҳамда тарихий обидалар хавфсизлигига жиддий таҳдид солиб келаётган зараркундадан қутулишга умид пайдо бўлганини таъкидлаб ўтди. Бундан 11 йил муқаддам Хивада тўрт яшар эгизак Ойша ва Фотима Сафаевалар термитдан зарарланган деворнинг қулаб тушиши оқибатида ҳалок бўлганини эсласак, муаммонинг нақадар муҳимлиги аён бўлса керак. Агар Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти ҳамда Тошкент Давлат Аграр университети олимлари таклиф қилаётган янги восита аввалроқ яратилганида эди, марҳум Сафаевалар яшаётган уй деворларини термитлар кемирмаган, натижада девор қуламаган, фожеа юз бермаган бўларди.