Ўзбекистон қамоқхоналари раҳбари ҳам виртуал қабулхона очди HD
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи (ЖИЭББ) таклиф, шикоят ва аризалар учун виртуал қабулхона очганини маълум қилди. Жазони ижро этиш муассасаларида қийноққа солинган, муассаса нозирлари ёки раҳбарлари томонидан таҳқирланган маҳкумларнинг яқинлари энди бу ҳақда тўғридан-тўғри бошқарма раҳбарига мурожаат қилиши мумкин. Виртуал қабулхонанинг guin.mvd.uz сайтида ёзилишича, ЖИЭББ раҳбарига юборилган ҳар қандай таклиф, ариза ва шикоят расмий деб тан олинади. Рус тилида амал қилаётган виртуал қабулхонага шикоят қилувчи жисмоний ва юридик шахслар исм-фамилияси, яшаш жойи ва мурожаат матнини тўлиқ ёзиши шарт. Бошқарма бошлиғи номига ёзилган мурожаатда туҳмат, ҳақорат қилиш ва ёлғон чақимчилик тақиқланади, деган банди ҳам бор. “Эзгулик” жамияти ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, ЖИЭББ бошлиғига мурожаат қилмоқчи бўлган шахслар, бу банддан чўчимасдан виртуал қабулхонага муаммолар ҳақида ёзаверишлари керак: - Масалан, ишончи комил бўлган одам бу нарсаларга аҳамият бермайди. Бу каби бандлар шахсий адоватларнинг олдини олиш, асоссиз хабарни текшириш учун вақтни кетказмаслик учун ёзилади. Бу формал нарса ва ёзилиши тўғри. Яъни асоссиз, тасдиқсиз, ёлғон гапни ёзма дегани, - дейди Абдураҳмон Ташанов.