Россияда меҳнат муҳожирларига бериладиган патент арзонлатилиши мумкин HD
Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко меҳнат муҳожирларига берилаётган патентлар нархини пастлатишни ҳамда муҳожирларнинг рус тилини билишига оид талабларни юмшатишни таклиф қилди. Меҳнат муҳожирлигидан тушаётган даромад ярим йилда 23 миллиард рублни ташкил этганини таъкидлаётган Миграция вазирлиги раҳбарияти даромаднинг асосий манбаи саналган қурилиш соҳасида тартиб ўрнатиш вақти етиб келгани ва пудрат тизими ислоҳотга муҳтож эканини билдирди. “Патентлар ва сертификатлар нархини арзонлантириш керак” Россия Федерация Кенгаши раисаси Валентина Матвиенко меҳнат муҳожирлари рус тили ва тарихидан топшираётган имтиҳонларни енгиллаштиришни таклиф этди. Кенгаш президиумида қилган чиқишида Матвиенко патентлар нархларининг юқорилиги туфайли ишчиларнинг бир қисми Россияни тарк этаётгани, қолган қисми эса ноқонуний ҳолатга ўтишга мажбур бўлаётганини таъкидлади: - Патентлар берилиши билан бирга минтақа бюджетларига бўлган солиқлар ҳажми ҳам кескин ошди. Ўтган йилнинг айни мавсумига солиштирганда ўсиш 45 фоиздан ошганини кўрсатди. Минтақа бюджетлари бу қонун ҳисобига тўлаётгани яхши, аммо юзага келган иқтисодий вазиятда патентлар ва хизматлар нархларини қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман. Хато қилмасам, рус тилидан имтиҳон топшириш 4 минг рублга тушяпти. Бу фақат имтиҳон олган ўқув юртига тушаётган фойда, миграция маркази ҳам ўз хизмат ҳақини олади-ку. Рости гап, қимматроқ.... Қолаверса, нима сабабдан муҳожир яна 5 йилдан кейин рус тилидан қайта имтиҳон топшириши зарур – нима у 5 йилда тилни унутиб юборадими?! Кўпчилик патент нархларини ҳам ўта баланд деб ҳисобламоқда. Шу сабабли айрим мигрантлар Россияни тарк этди, яна бир қисми нолегал ҳолатга ўтди, деди бу масалада “баланс” яратиш кераклигини уқтирган Валентина Матвиенко.
Похожие видео
Показать еще