Тошкент короновирус ўчоғидан келганларни кутиб олмоқда HD
Хитойнинг Ухан шаҳридан учган Uzbekistan Airways авиаширкати учоғида келган 84 нафар йўловчилар 5 февраль куни Тошкент аэропортида ҳимоя воситалари билан қуролланган тиббиёт ходимлари кутиб олингани расмий матбуотда кенг ёритилди. 4 февраль куни Uzbekistan Airways учоғида Хитойдан Ўзбекистонга қайтган 250 нафар йўловчи 14 кунлик карантинга жойлаштирилгани ҳақида нашрларда хабарлар берилган эди. Айни пайтда Хитой аэропортлари ўзбеклар билан тўлиб кетгани, уларни қайтариш учун учоқлар етишмаётгани ҳақида «Элтуз»га хабарлар келмоқда. “Элтуз” мухбири билан мессенжер орқали боғланган, Пекин аэропортидаги йўловчининг айтишича, 5 февраль куни соат тунги 24.00 да Тошкентга 250 йўловчи билан яна бир рейс учиши кутилмоқда, аэропортда эса Хитойнинг турли шаҳарларидан келган 500 атрофида ўзбекистонликлар қолмоқда. Бундан аввал 1 февраль куни Youtube тармоғида Тошкент аэропортидаги Хитойдан келаётган йўловчилар текшируви юзаки, яъни тепловизор ускуналари орқали амалга оширилаётгани, дорихоналарда эса оддий юзга тақиладиган маскалар йўқлигидан шикоятлар ортгани ҳақида видео тарқалган эди. Кейинчалик, 4 февралга келиб, Хитойдан қайтган йўловчиларнинг махсус ҳимоя кийимлари кийган тиббиёт ходимлари томонидан қарши олингани, йўловчилар махсус пуркагич (пульверизатор) ускунаси орқали ўтказилгани Республика телевидениеси кўрсатувлари орқали намойиш этилди. 5 феврал куни эрталаб олинган сўнгги маълумотларга кўра, 2019-nCov (Короновируснинг қайд қилинган расмий номи) юқтирилиши билан боғлиқ 24363 холат қайд этилган, 490 нафар одам ўлган, тағин 23260 нафар шахс вирус юқтирилгани шубҳаси остида қолмоқда. 30 январь куни Умумжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пневманиянинг тарқалишини халқаро миқёсдаги фавқулодда холат дея тан олган эди.