Тожикистон Россия ваъдаси устидан чиқишига ишонмай қўйди HD
Кремль икки йил аввал Тожикистонга 70 миллиард рубль миқдоридаги ҳарбий техника ва қуроллар беришни ваъда қилган бўлса-да, шу кунгача бу ишни амалга оширгани йўқ. Душанбе расмийлари ҳам Россия ўз ваъдасини бажаришидан умидини узганларини билдирмоқдалар. Тожикистон Мудофаа вазирлигининг овози ёзиб олинишини истамаган расмийси Россия ваъда қилган 70 миллиард рублнинг бир тийини ҳам берилмаганини айтди. -Россия ўз полигонларида тожик аскарларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш билангина чекланмоқда. Бу эса ҳеч қандай маблағ талаб қилмайдиган ҳаракатдир, -деди вазирлик расмийси. Унга кўра, Душанбе расмийлари Москва ўз ваъдасини бажаришига ишонмай қолган. Икки йил аввал Россия ҳукумати Тожикистонга ўқотар қуроллар, самолётлар, замбараклар ва зенит-ракета комплекслари беришни ваъда қилган. Москва режасига кўра, умумий миқдори 70 миллиард рублни ташкил қиладиган бу қуроллар Тожикистонга босқичма-босқич бир неча йил ичида берилиши лозим эди. Айни пайтда Москва Тожикистон Россиянинг террорчиликка қарши курашдаги асосий таянч нуқтаси экани ҳақидаги қуруқ гаплардан нарига ўтмай келмоқда. Тожикистонда Россиянинг ҳарбий базаси жойлашган. -Москва Душанбега 20та ҳарбий самолёт беришни ваъда қилган. Бироқ кейин Душанбега эски ҳарбий самолётларни бермоқчи бўлди. Душанбе бундан бош тортган. Чунки эски учоқларни таъмирлаш учун жуда катта миқдорда пул сарфланиши керак эди, - деди сиёсатшунос Саймиддин Дустов.
Похожие видео
Показать еще