Фермерлар: Мирзиëев жорий қилган кластер тизими ўзини оқламаяпти! HD
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 декабрда ўтказган видеоселектор йиғилишида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган кластерлар ташкил этиш вазифасини қўйди. Президентнинг бу ҳақдаги фармони 12 декабрь куни матбуотда эълон қилинди. Пахта ва ғаллачилик билан шуғулланадиган фермерларни кластер корхоналарига бирлаштириш икки йил аввал бошланган эди. Озодлик ўтган икки йил мобайнида аграр соҳа ислоҳотида кластер усулининг қанчалик самара берганини ўрганишга уринди. Озодлик суриштирувига кўра, Ўзбекистоннинг баъзи вилоятларида кластер ижобий натижа берган, баъзи вилоятларда эса кластерга пахта ва ғалла сотган фермерлар икки йиллик ҳосил пулини шу пайтгача ололмаган. Кластер билан ишлаётган фермерлар улар фаолиятига маҳаллий ҳокимлар аралашуви тўхтамаганини айтмоқда. Кластер нима дегани? Кластер сўзи (инглизча clusterдан) тўплам, шингил, уя деган маъноларни беради. Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан қишлоқ хўжалигини аста-секин кластер тизимига ўтказиш 2018 йилда бошланган эди. Бундан мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган фермерларни ҳукумат назоратидан чиқариб, бевосита махсус кластер корхоналарига бирлаштириш эканлиги айтилган. Кластер билан ишлаш тизимида фермерлар аввал бўлгани каби пахта ва ғалла етиштиришда уч томонлама (ҳокимлик - пахта ёки ғалла қабул қилиш корхоналари - фермер) шартнома эмас, балки фақат кластер корхона билан шартнома имзолайди. Бу шартномага кўра, кластер фермерга уруғдан тортиб, ёнилғи, минерал ўғит, маблағ билан таъминлаш каби барча ишларни ўз зиммасига олади. Фермер маҳсулотини тўғридан-тўғри фақат кластерга сотади. Кластер бу маҳсулотни қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорга сотади. Кластер тизимида маҳаллий ҳокимият фермернинг ишига аралашмаслиги, фермер бевосита кластер билан қилган шартномани бажариши керак. Фермер билан кластер корхона ўртасида чиққан низоларни Иқтисодий суд ҳал қилади.
Похожие видео
Показать еще