Ислом Каримовнинг Хавфсизлик хизмати раҳбари ҳибсга олинди HD
Ўзбекистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, собиқ давлат маслаҳатчиси Муиджон Тоҳирий ҳибсга олинган. Бу ҳақда Turon24 Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмоновага таяниб хабар қилди. "Муиджон Тоҳирий ҳибсга олинди. Ҳозир тергов олиб борилмоқда. Тергов сири нуқтаи назаридан бошқа маълумот берилиши мақсадга мувофиқ эмас", деб айтган Сурайё Раҳмонова. Ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги Озодлик манбасининг маълум қилишича, шу ҳафта бошида ҳибсга олинган Муиджон Тоҳирий коррупцион жиноятларда айбланмоқда. "Бу жиноятлар унинг Давлат божхона қўмитасидаги фаолиятига боғлиқ," деди ҳуқуқ тартибот тизимларидаги Озодлик манбаси. 55 яшар генерал-майор Муиджон Тоҳирий 2018 йил 13 февралида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раислигидан бўшатилган эди. Шу йил бошида Бош прокуратура терговчиларининг президент топшириғи билан Давлат Солиқ ва Божхона қўмиталарида жиддий текширувлар ўтказаëтганини хабар қилди. Ўшанда Муиджон Тоҳирийнинг ишдан олингани ушбу текширувлар натижаси билан боғлиқ бўлиши тахмин қилинган эди. Мазкур лавозимда Муиджон Тоҳирий 2016 йил 20 декабридан бошлаб 13 ой давомида фаолият юритди.