Жиззахда 9 яшар қизчани зўрлаб ўлдирган қотил қидирилмоқда HD
Жиззах вилояти Бахмал тумани марказида 19 май куни йўқолган 1-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси орадан қарийб икки кун ўтганидан сўнг ўлик ҳолда топилди. Озодлик манбаларига кўра, қотил тўққиз ёшли қизчани зўрлаган ва уни бўғиб ўлдириб, жарликка ташлаб кетган. Айни пайтда, қотилни топиш учун вилоят ва туман ИИБ ходимлари оёққа турган айтилади. Бахмал тумани маркази жойлашган 1-умумтаълим мактаби 2-синф ўқувчисининг (қизчанинг исм-шарифи Озодликка маълум, лекин маълум сабабларга кўра уни очиқламаймиз – таҳририят) жасади 20 май куни Ўсмат шаҳарчаси ўртасидаги жарликдан топилди. Ўсмат шаҳарчасида яшайдиган маҳалла фаоли Очил Мирзаев Озодлик билан суҳбатда бир кун аввал қизчанинг йўқолиб қолганлиги ҳақидаги хабар шов-шув бўлиб кетганини айтади: - Икки кун олдин йўқолган эди. Маҳалламизнинг марказида катта жар бор, ўша жойдан қизчанинг ўлигини топишган. Целофан қопга солиб жарнинг ичига ташлаб кетган экан. Одамларнинг миш-мишларига қараганда¸ икки хил версия бўлаяпти. Биринчиси, ичидан органларини олиб кетишган¸ деяпти. Иккинчи версияда эса, қизча зўрланиб кейин бўғиб ўлдирилган, дейишаяпти. Лекин бу расмий хулоса эмас, одамларнинг гапини айтаяпман, деди маҳалла фаоли.