Фарғонада шубҳали кимёвий модда ютган ўқувчи ҳалок бўлди HD
Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 17-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси шубҳали кимёвий моддани ютиш оқибатида ўлди. Туманнинг Ўқчи қишлоғида 16 февраль куни содир бўлган бу воқеадан Озодлик 2 март куни хабар топди. Озодлик суҳбатлашган марҳумнинг мактабдошлари болага "синфдошлари карбид экани гумон қилинаётган кимёвий моддани мажбурлаб юттиришган"ини иддао қилишди. "Оқибатда бола шишиб ўлган". - Ўзи ювош бола эди. Шўх бойватчаларни болалари қандайдир моддани бунга мажбурлаб юттиришган. Бола уйига бориб сув ичганидан кейин, вой-дод, деб бақир-чақир қилган. Болани касалхонага олиб кетишди, касалхонада бола жон берган, - деб иддао қилди марҳумнинг исми сир қолишини сўраган қариндоши. Озодлик боланинг ўлими юзасидан 2 март куни вилоятдаги Ўзбекистон тумани Ички ишлар бўлимига боғланди. Бўлим ходими Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан хабарсиз эканини айтиш билан чекланди. Озодлик мақоласи чоп этилганидан бир кун ўтиб - 3 март куни воқеани ёритган ЎзА агентлиги боланинг номаълум кимёвий препаратдан ўлганини тасдиқлади. Агентликнинг хабар қилишича, "ҳолат юзасидан воқеа жойига туман прокуратурасининг тезкор-тергов гуруҳи тергов олди текширув ҳаракатлари"ни олиб борган, натижада "вояга етмаган С. Абдумаликов боши оғригани учун уйидаги жавондан номаълум дорини ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ичиб олгани аниқланган", деб ёзди.